Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги (кейинги ўринларда – «Агентлик» деб юритилувчи) номидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги 394-сон қарори иловасига мувофиқ тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисида Низом”га асосан ҳаракат қилувчи Бош директор А.Н.Файзуллаев бир томондан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
367 ва 369-моддаларига мувофиқ ушбу Оммавий офертани унда кўрсатилган шартлар асосида бошқа бирор-бир шарт, истисно ва келишувларсиз қабул қилувчи (акцептловчи) муаллиф, ижрочи ёки уларнинг меросхўрлари ёҳуд юридик шахс ва/ёки жисмоний шахс бўлган бошқа ҳуқуқ эгалари, шу жумладан ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари, алоҳида маъқулланган ҳолларда бошқа юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда – «Ахборот манбалари» деб юритилувчи) иккинчи томондан, биргаликда эса «Тарафлар» деб юритилувчиларнинг ҳар бири, амалдаги қонунчиликка асосан ушбу Оммавий офертани тузишда барча ваколатига эга эканлигини (ёки ҳар бир Тарафдан ушбу Оммавий офертани имзолаш
учун унинг белгиланган тартибдаги ваколатли вакиллиги
тақдим этилганлигини) тасдиқлаб,
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни (2006 йил 20 июлдаги ЎРҚ-42-сон), «Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн Конвенциясига қўшилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисининг 2004 йил 27 августдаги 681-II-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 25 октябрдаги «Халқаро шартномани тасдиқлаш ҳақида»ги (Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар миллий маълумотлар базасини шакллантириш ва халқаро ахборот алмашишни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги келишув) ПҚ1648-сон қарори ва муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни таъминлашга тааллуқли бўлган амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиб,
Агентлик, интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ҳамда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминловчи давлат бошқаруви органи бўлиб ҳисобланишини инобатга олиб, муаллиф ва ижрочиларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя қилиниши таъминлаш, халқаро шартномалар ижросини амалга ошириш, шунингдек маълумотлар базасини шакллантириш орқали ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқлари руёбга чиқарилишига кўмаклашиш мақсадида,
ушбу Оммавий офертани (шунингдек, матнда – «Шартнома») туздилар.
I. Шартнома предмети
1.1. Агентлик, ўз тасарруфидаги «www.repertuar.uz» муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг маълумотлар базаси (ахборот тизими)дан фойдаланиш, яъни ушбу Шартнома доирасида ва унда кўрсатилган шартлар асосида муаллиф, ижрочи ёки уларнинг меросхўрлари ёҳуд юридик шахс ва/ёки жисмоний шахс бўлган бошқа ҳуқуқ эгалари томонидан асарлар ва турдош ҳуқуқ объектлари тўғрисидаги ахборотларни маълумотлар базасига киритиш учун ихтиёрийлик асосида бепул тақдим этиш имкониятини яратади, Ахборот манбалари эса муаллифлик презумпциясига ҳамда ҳуқуқ эгаларининг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда асарлар ва турдош ҳуқуқ объектлари тўғрисидаги ишончли ахборотларни мазкур маълумотлар базасига киритиш учун ихтиёрийлик асосида бепул тақдим этиш мажбуриятини олади.
1.2. Агентлик тасарруфидаги «www.repertuar.uz» муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг маълумотлар базасига киритиладиган маълумотлар таркиби ва мазмунига қуйиладиган талаблар, шунингдек ахборот манбаларининг тоифаларини белгилаш, маълумот ва ахборотларни йиғиш, киритиш ва техник қўллаб-қувватлашга масъул корхона ва таркибий бўлинмалар Агентлик томонидан мустақил равишда қарор қабул қилиш орқали бириктирилади ва ушбу масъул корхона ва таркибий бўлинмалар билан боғлиқ харажатлар ўрнатилган тартибда Агентлик ҳисобидан қопланади.
1.3. Шартноманинг 1.2.-бандида назарда тутилган харажатлар тўлиқ ёки қисман Ахборот манбалари зиммасига юклатилиши мумкин эмас.
1.4. «www.repertuar.uz» муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг маълумотлар базаси (ахборот тизими)нинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
1.4.1. Миллий ва хорижий муаллифлар, ижрочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини (шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлари) таъминлашнинг самарали механизми яратилишида кўмак кўрсатиш;
1.4.2. Маълумотлар базасига киритилиши лозим топилган ахборотлар ҳамда маълумотларнинг таркиби ва мазмунига қўйиладиган умумий талабларни, ахборот манбасини ва маълумотлар базасига киритилиш тартибини белгилаш;
1.4.3. Маълумотлар базасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш борасида суд, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорликда маълумотлар базасидаги маълумотлар ва ахборотлар алмашинувини ташкил этиш;
1.4.5. муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар объектлари ва уларга нисбатан ҳуқуқ эгалари тўғрисида идоралараро ахборот алмашинувини ташкил этиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
1.4.6. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари тўғрисида миллий маълумотлар базаларини шакллантириш ва давлатлараро маълумот алмашинувини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш;
1.4.7. Интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатининг ҳаётга тадбиқ этилишини таъминлаш мақсадида асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларининг ҳисобини юритишга замин яратиш;
1.4.8. Асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларига оид маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг асраб-авайланиши ва фойдаланувчи: хўжалик юритувчи субъектлар, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар, тадбиркорлар, ҳуқуқ эгалари ва бошқа юридик ҳамда жисмоний шахслар эркин фойдаланишлари учун очиқ бўлишини таъминлаш;
1.4.9. Лицензия шартномалари, битимлар ва бошқа тузилган шартномалар бўйича уларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид қонунчилик талабларига мос равишда мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги бўйича ўрнатилган тартибда хулосалар берилганда маълумотлар базасидаги маълумот ва ахборотлардан фойдаланиш имконини яратиш;
1.4.10. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари ҳуқуқий муҳофазаси ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасида бошқа ахборот ҳамкорликларни амалга ошириш.
1.5. Ахборот манбалари ўз хоҳиш-иродасига кўра тақдим этилган асарлар ва турдош ҳуқуқлар объектларининг муваффақиятли оммалашуви учун мутлақ ихтиёрий равишда техник қўллаб-қувватлашга масъул корхона билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш бўйича тўғридан-тўғри ёзма шартнома тузган ҳолда эълон, хабар, янгилик, графика, дизайн ва фотография асарлари мусиқа, видеоклип, фильм, репертуар ҳамда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумот ва ахборотларни маълумотлар базаси имкониятларидан келиб чиқиб жойлаштиришлари мумкин.
1.6. «www.repertuar.uz» муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг маълумотлар базаси (ахборот тизими)дан
фойдаланиш ҳудуди Ўзбекистон Республикаси ҳамда маълумотлар базаси эгаси – Агентликнинг техник имкониятларга кўра у томонидан белгиланадиган бошқа давлатларнинг ҳудудларига таъаллуқлидир.
II. Асосий шартлар
2.1. Тарафлар амалдаги қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан; фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келиши, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва уларни амалга оширилиши учун асарни ва/ёки турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмаслиги билан боғлиқ презумпциясини тўлиқ англаган ҳолда эътироф этадилар.
2.2. Агентлик – «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими) эгаси сифатида қуйидагиларни Ахборот манбалари сифатида мазкур Шартнома (Оммавий оферта)га қўшилишларини қўллаб-қувватлайди:
муаллиф – ижодий меҳнати билан асар яратган жисмоний шахс;
ижрочи – актёр, хонанда, созанда, раққос ёки роль ўйнайдиган, куйлайдиган, ўқийдиган, ифодали ўқийдиган, рақсга тушадиган, талқин этадиган, мусиқа асбобини чаладиган ёхуд адабиёт ёки санъат асарини (шу жумладан халқ ижодиёти асарини) ўзгача тарзда ижро этадиган бошқа жисмоний шахс, шунингдек спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёри ва дирижёр;
фонограммани тайёрловчи – ижронинг ёки бошқа овозларнинг биринчи овозли ёзуви учун ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олган юридик ёки жисмоний шахс;
аудиовизуал асарни тайёрловчи – шундай асарни тайёрлаш ташаббуси ва масъулиятини ўз зиммасига олган юридик ёки жисмоний шахс;
эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот – эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш учун ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олган ҳамда уларни белгиланган тартибда амалга оширувчи шахс;
асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар – аудиовизуал асарларни тайёрловчилар, энциклопедиялар ноширлари, продюсерлар ва бошқа шу кабилар;
асарни ошкор қилувчи шахслар – муаллифнинг розилиги билан амалга оширилган, асарни чоп этиш, омма олдида намойиш этиш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш ёки бошқача усулда юбориш йўли билан илк бор асардан барчанинг воқиф бўлиши учун имкон берадиган ҳаракатларни амалга оширувчи шахслар;
махсус корхона ва ташкилотлар – фан, адабиёт, маъданият, санъат, мусиқа, кино, ноширлик, депозитарий, таҳририят, фонд, уюшма, радио, телевидения, архив ва шу каби фаолият турини амалга оширувчи корхона, муассаса, ташкилот ва идоралар, шунингдек муаллифнинг меросхўрлари бўлмаган тақдирда, унинг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зиммасига юкланган давлат органи;
мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот – муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси томонидан мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш учун ваколатлар берилган ташкилот;
муаллифнинг вакили – асар имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарни чоп этган, асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эга шахс;
ҳуқуқ эгаси – муаллифлик ҳуқуқига нисбатан муаллиф ёки унинг меросхўрлари, турдош ҳуқуқларга нисбатан ижрочи ёки унинг меросхўрлари, фонограммани тайёрловчи, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот, шунингдек шартномада ёки қонунда назарда тутилган бошқа асос бўйича асарлардан ёхуд турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа юридик ёки жисмоний шахслар.
2.3. Ахборот манбалари ўзлари тасарруфидаги ишончли манбалардан уларга маълум бўлган, муаллифлик ҳуқуқи ва/ёки турдош ҳуқуқлар объектлари ҳақидаги ахборотларни Агентликнинг «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритиш учун мазкур Оммавий офертанинг 1-иловасида кўрсатилган шаклдаги ариза намунасини тўлиқ тўлдирган шунингдек, унда объект туридан келиб чиққан ҳолда тегишли жадвалларни, уларда Агентлик томонидан таркиби ва мазмунига қўйиладиган умумий талабларга мувофиқ тўлдирилган ҳолда тақдим этадилар.
Ахборот манбалари томонидан маълумотлар базасига киритилиши учун масофадан туриб, ҳар галги электрон кўринишда тақдим қилинган маълумотлар ва ахборотлар ҳажми 10 гигабайтдан ошмаслиги белгиланади.
2.4. Ахборот манбалари ўзлари тақдим этган ахборот ва маълумотларнинг ишончлилиги, тўғрилиги ҳамда амалдаги муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги учун шахсан масъулдирлар.
2.5. Ахборот манбалари томонидан тақдим этилган ва Агентликнинг «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган ахборотлар ва маълумотлар бўйича тафовутлар, хатоликлар, зиддиятлар ква бошқа учинчи шасхлар томонидан билдирилган эътирозлар асосида низоли ҳолатлар келиб чиққан тақдирда мазкур низоли ҳолатлар Ахборот манбалари томонидан мустақил равишда ҳал этилиши шарт.
2.6. Агентлик – «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими) эгаси сифатида имкон қадар ишончли ахборот манбаларидан, масъул таркибий бўлинмалари орқали ўз ихтиёридаги ёки учинчи шахсларда мавжуд ахборотларни маълумотлар базасига киритиш учун мустақил равишда йиғиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Агентликда мавжуд ёки учинчи шахслардан олинган ахборотлар ва ҳуқуқ эгалари тақдим этган маълумотлар ўртасида тафовутлар ва фарқлар аниқланган тақдирда улар музокора йўли билан мазкур Шартноманинг
2.3.-бандида кўрсатилган устиворлик асосида ёҳуд суд тартибида ҳал этилади.
2.7. Ахборот манбалари ушбу билан шуни тасдиқлайдиларки, Агентлик қуйидагилардан бевосита ёки билвосита келиб чиқувчи юридик (ҳуқуқий), молиявий ва бошқа оқибатлар учун жавобгар бўлмайди:
2.7.1. Ахборот манбалари ёки учинчи шахслардан олинган, «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган ахборотлар ва маълумотлар билан эътироз билдирган шахсларда мавжуд ахборотлар ўртасида тафовутлар ва фарқлар аниқланганда;
2.7.2. Ахборот манбалари томонидан нотўғри ва тафовутли ахборот ва маълумотлар тақдим этилганда;
2.7.3. Муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгалари томонидан учинчи шахсларнинг, шу жумладан хорижий шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилганлик фактларининг мавжудлиги;
2.7.4. Ахборот манбалари ва учинчи шахсларнинг асарни ноқонуний ошкор этиш, ҳаммуаллифликка мажбурлар, муаллифликни ўзлаштириш ёки муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқача тарзда бузиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари ёҳуд ҳаракатсизликлари оқибатлари мавжудлиги;
2.7.5. Ахборот манбалари ёки учинчи шахслардан олинган, «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган ахборотлар ва маълумотлардан фойдаланган ҳолда улар асосида тузилган шартномалара бўйича мос равишда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид қонунчиликка риоя этилиши ёки қонунбузилишлар тўғрисида белгиланган тартибда хулосалар берилганда;
2.7.6. Ахборот манбалари ёки учинчи шахслардан олинган, «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган ахборотлар ва маълумотлардан фойдаланган ҳолда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш борасида ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорликда маълумотлар базасидаги маълумотлар ва ахборотлар алмашинуви ташкил этилганда;
2.7.7. Ахборот манбалари ёки учинчи шахслардан олинган, «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган ахборотлар ва маълумотлардан фойдаланган ҳолда учинчи шахслар томонидан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотлар томонидан муаллифлик ҳақи бошқа ҳақ турлари тўланиши билан боғлиқ ҳолатларда
2.7.8. «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га илгари киритилган ахборотлар ва маълумотлар бўйича Ахборот манбалари томонидан асар, турдош ҳуқуқлар объекти ва ҳуқуқ эгаси билан боғлиқ ўзгаришлар бўйича ахборотлар маълумотлар базасига киритиш учун ўз вақтида тақдим этилмаганда;
2.7.9. Мазкур Оммавий оферта шартларига риоя қилинмаган ҳолда Ахборот манбалари томонидан тақдир этилган ахборот ва маълумотлар Агентликнинг маълумотлар базаси эгаси сифатида изоҳлаш ва/ёки (ёзма, оғзаки) жавоб берилиши талаб этилмайдиган мустақил қарорига асосан, «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилмасликнинг ҳар қандай оқибатларида;
2.7.10. Маълумотлар базаси (ахборот тизими)га илгари киритилган ахборотлар ва маълумотлар бўйича муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг Агентликдан муаллифлик ва бошқа ҳақ турларини йиғиш ва тақсимлаб бериш талаб этиладиган важларида;
2.7.11. Агентлик – «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими) эгаси сифатида етарлича ахборот хавфсизлиги чоралари кўрилишига қарамасдан учинчи шахсларнинг маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киберхужум уюштирилиши, хавфсизлик тизими бузилиши ва рухсатсиз кирилиши оқибатида ахборотлар ва маълумотлар ноқонуний ўзгартирилишида;
2.7.12. Мазкур Оммавий оферта шартларига алоқадор ёки Агентликка боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатларда.
2.8. Ахборот манбалари:
2.8.1. «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилиши учун тақдим этиладиган ахборотлар ва маълумотлар мазмуни ва таркибини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга;
2.8.2. Зўравонликни, порнографияни, мамлакат хавфсизлиги ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни, конституциявий тузумни бузишни, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишини ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий бойликлари бузиб кўрсатилишини тарғиб қилувчи ахборотлар ва маълумотлар тарқатишга;
2.8.3. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ йўл қўйиладиган ҳолатларни истисно этганда, интеллектуал мулк объектларини уларнинг эгалари рухсатисиз жўнатишга;
2.8.4. Зарарланган файллар, компьютер вируслари ва уларга тенглаштирилган бошқа компонентлардан таркиб топган ҳар қандай маълумот ва ахборотларни жўнатишга ҳақли эмас.
2.9. Тарафлар заруратга кўра ўзларининг ишончли алоқа каналлари ва масъул шахслари ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар.
III. Шартнома акцептлаш
3.1. Интернет тармоғидаги Агентлик www.repertuar.uz манзили бўйича жойлашган сайтида ушбу Оммавий оферта (Шартнома)ни эълон қилиши (жойлаштириши) Агентликнинг номуайян юридик шахслар ёки жисмоний шахслар доирасига йўлланган мазкур Оммовий офертани (Шартномани) тузиш бўйича оммавий таклифи (офертаси) ҳисобланади.
3.2. Мазкур Шартномани тузиш, Ахборот манбаларининг мазкур Шартномага қўшилиши орқали, яъни ушбу Шартномани бошқа бирор-бир шарт, истисно ва келишувларсиз қабул қилган (акцептлаган) ҳолда амалга оширилади.
3.3. Тарафлар Интернет тармоғидаги Агентлик www.repertuar.uz манзили бўйича жойлашган сайтида эълон қилинган ушбу Оммавий оферта (Шартнома)ни Ахборот манбалари томонидан танишиб чиқиш ҳамда ўз хоҳиш-иродасига кўра ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиш шаклини тўлдириш орқали ва махсус розилик (Шартномага қўшилиш) белгиси қўйилган ҳолда оферта шартларини сўзсиз (акцептлаш) тан олиниши сифатида қабул қиладилар.
3.4. Агар қонун ҳужжатларидан, иш муомаласи одатидан ёки Тарафларнинг иш бўйича аввалги муносабатларидан бошқача маъно келиб чиқмаса, сукут сақлаш акцепт бўлмайди.
IV. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
4.1. Тарафлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва ушбу Шартнома ва унинг иловалари асосида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга буладилар.
4.2. Агентлик, қуйидаги ҳолларда Ахборот манбаларига ҳеч қандан изоҳ ёки тушунтиришларсиз «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га ахборотлар ва маълумотлар киришни ёки киритилганларини бекор қилиш ҳуқуқига эга:
4.2.1. Ахборот манбалари томонидан ахборот ва маълумот тақдим этишда, белгиланган шаклда маълумотлар базасига киритилиши лозим топилган маълумотларнинг таркиби ва мазмунига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаслик;
4.2.2. Шартномага қўшилиш Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёҳуд халқаро шартномалари талаблари бузилишига ҳолатлари мавжудлигига шубҳа бўлса;
4.2.3. Ахборот манбалари томонидан тақдим этилган ахборот ва маълумотлар бўйича Агентликка маълум бўлган ҳолатларда учинчи шахсларнинг эътирозлари ёки низо предмети бўлса;
4.2.3. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, мазкур Оммавий оферта шартларида ёки Агентлик регламентларида кўрсатилган бошқа сабабларга кўра.
4.3. Ахборот манбалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
4.3.1. Мазкур Оммавий оферта талабларига мувофиқ «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритиш учун маълумотлар ва ахборотларни тақдим этиш;
4.3.2. Агентликнинг қуйидаги масъул бўлимларидан маълумотлар базаси ишлаш принциплари, афзалликлари ва имкониятлари, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бўйича оғзаки ва ёзма маслаҳатлар олиш:
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги:
100000, Тошкент шаҳари, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 59-уй.
тел./факс: 8 (371) 232-50-13 / 232-50-05, e-mail: info@ima.uz;
Техник қўллаб-қувватлаш бўйича ижрочи:
«IP-Center» давлат унитар корхонаси:
тел./факс: 8 (371) 232-50-34 / 232-50-48, e-mail: center@ima.uz;
Муаллифлик ҳуқуқи ва лицензиялаш бўлими:тел.: 8 (371) 232-50-65;
Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мониторинг бўлими: тел.: 8 (371) 232-50-55.
4.3.3. Агентлик орқали муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари ва уларга нисбатан ҳуқуқ эгалари тўғрисида идоралараро ахборот алмашинувини ташкил этиш бўйича тадбирларда иштирок этиш;
4.3.4. Ахборот манбалари амалдаги қонунчилик ва мазкур Шартномада назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга.
4.4. Агентлик, Ахборот манбалари томонидан Оммавий оферта (Шартнома) акцепти қабул қилингандан кейин қуйидагиларга мажбур:
4.4.1. Ахборот манбалари томонидан белгиланган талабларга мувофиқ тақдим этилган ахборот ва маълумотларни «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритиб бориш;
4.4.2. Амалдаги қонунчиликка мос равишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва доимий равишда маълумотлар базасини янгилаб бориш ва уни такомиллаштириш бўйича умумий принципларни ишлаб чиқиш;
4.4.3. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари ва уларга нисбатан ҳуқуқ эгалари тўғрисида идоралараро ахборот алмашинувини ташкил этиш бўйича тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириб бориш;
4.4.4. «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)нининг узликсиз ишлашини таъминлаш, хатоларни тўғирлаш ва профилактика учун зарур узилишлар бундан мустасно;
4.4.5. Мазкур Оммавий оферта (Шартнома) ва унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни Интернет тармоғидаги Агентлик www.repertuar.uz манзили бўйича жойлашган сайтида ўз вақтида эълон қилиш;
4.4.6. Маълумотлар базаси билан ишлашга қизиқиш билдирган шахсларга маслаҳатлар бериш ва зарур кўникмалари шаклланиши учун уларни ўргатиш.
4.5. Ахборот манбалари томонидан Оммавий оферта (Шартнома)ни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт билдирганидан кейин қуйидагиларга мажбур:
4.5.1. Мазкур Шартномада белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритиб бориш учун ахборот ва маълумотларни тақдим этиш;
4.5.2. Нотўғри ва тафовутли ахборот ва маълумотлар тақдим этилмаслик;
4.5.3. Ахборот ва маълумотларда, агар мавжуд бўлса учинчи шахсларнинг, шу жумладан хорижий шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилганлик фактларининг мавжудлиги ҳақида виждонан хабар бериш;
4.5.4. Ахборот манбалари ва учинчи шахсларнинг асарни ноқонуний ошкор этиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, муаллифликни ўзлаштириш ёки муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқача тарзда бузиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари оқибати Ўзбекистон Републикаси Жиноят кодексининг 149-моддасига асосан, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳ эканликларини тасдиқлаш;
4.5.5. Илгари тақдим этилган, www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)га киритилган маълумотлар ва ахборот бўйича ўзгаришларни 10 кунлик муддат тақдим этиб бориш ҳамда мазкур Оммавий оферта (Шартнома) орқали ўз зиммаларига олган бошқа мажбуриятларни виждонан бажариш.
V. Тарафларнинг жавобгарлиги
5.1. Тарафлар ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида жавобгар бўладилар.
5.2. Мажбуриятларни бажармаганлик учун бошқа жавобгарлик чораларини қўлланилиши, Тарафларни ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш ва бошқа Тарафнининг бузилган ҳуқуқларини тиклашдан озод этмайди.
5.3. Агентлик мазкур Шартноманинг 2.7.-бандида кўрсатилган ҳолларда ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганликлари учун жавобгар бўлиши мумкин эмас.
VI. Форс - мажор
6.1. Форс-мажор ҳолатларига қуйидагилар киради: табиий ҳодисалар (зилзила, авариялар, эпидемиялар, кўчки, довул, ёнғин, электр таъминотининг узилиши, реквизиция ва бошқа фавқулодда табиий ҳодисалар) ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (ҳарбий ҳаракатлар, иш ташлашлар, қамаллар, давлат ташкилотларининг ҳамда давлатлар ўртасидаги чекловчи ва тақиқловчи чоралар, шунингдек давлат олий органлари, ҳукумат қарорлари ва бошқалар) оқибатида келиб чиққан фавқулодда, ушбу шароитларда бартараф этиб бўлмайдиган ва олдиндан кутилмаган бошқа вазиятлар, мазкур Шартномани бажаришга бевосита таъсир кўрсатган бўлса.
VII. Низоларни ҳал қилиш тартиби
7.1. Мазкур Шартномани бажаришда юзага келувчи низолар ва келишмовчиликлар Тарафларнинг ўзаро мурокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этилади.
7.2. Низоларни Тарафларнинг музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этиб бўлмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган келишмовчиликларни судгача ҳал қилиш тартиб-таомиллари бажарилгандан сўнг, улар тегишлича Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича судларига ёки Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг муҳокамасига берилади.
VIII. Якуний қоидалар
8.1. Тарафлар мазкур Шартнома доирасида ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа талаблар ва шартлар, агарда ушбу Оммавий офертада тўғридан-тўғри кўзда тутилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари талаблари қўлланилилишини сўзсиз тан оладилар.
8.2. Агентлик ихтиёридаги «www.repertuar.uz» маълумотлар базаси (ахборот тизими)ни интеллектуал мулк объекти сифатида эркин тасарруф этади.
8.3. Ахборот манбалари мазкур Шартномани тузиб, унинг шартлари ва талаблари билан танишганлигини ва уларга ўзининг тўлиқ розилигини тасдиқлайдилар.
8.5. Агарда Шартноманинг кайсидир шарти ҳақиқий эмас ёки бажариб бўлмайдиган деб топилса, ёҳуд Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида кучга киритилмаса Шартноманинг мазкур қоидаси, дастлабки мазмунига имкон қадар яқин мазмунга эга бўлган янги қоида билан алмаштирилади. Бунда Шартноманинг қолган қоидалари ўзгартирилмайди ва ўз кучида қолади.
8.4. Мазкур Шартномада тартибга солинмаган бироқ, унга алоқадор барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида тартибга солинади.